Сайлов қонунчилигидаги муҳим силжиш Ўзбекистондаги парламент сайловларида етишмаган ҳақиқий рақобат ўрнини тўлдира олмади, - дейди халқаро кузатувчилар
Тошкент, 23 декабрь 2019 йил – Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги такомиллашгани ва сўз эркинлигига ҳурмат ошгани қувонарли ҳолат, бироқ бу мухолиф сиёсий партияларнинг мавжуд эмаслиги, фундаментал ҳуқуқлар борасида давом этаётган эътиборсизликлар ва сайлов кунидаги айрим жиддий қоидабузарликлар ўрнини қоплай олмади, - дейди халқаро кузатувчилар бугун эълон қилинган парламент сайловлари борасидаги дастлабки баёнотда.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг (ЕХҲТ ПА) биргаликдаги сайловларни кузатиш миссиясининг хулосасига кўра, сайлов қонунчилигидаги сўнги ўзгартиришлар уни барча ЕХҲТ мамлакатлари ўз зиммасига олган халқаро меъёрларга яқинлаштирган. Шу билан бирга, демократик сайловлар учун муҳим бўлган фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларга доир қонунчиликда ҳанузгача ҳаддан зиёд чекловлар мавжуд. Эркин уюшиш борасидаги асосий ҳуқуқ, шу жумладан сиёсий партия тузиш ҳуқуқи чекланганлигича қолмоқда.
“Муҳим давондан ўтилди, эски одатлар – жумладан сайлов кунидагилари ҳам – янада кўпроқ иш қолганини намойиш қилмоқда,” - дейди Георгий Церетели, ушбу сайловларда ЕХҲТнинг махсус мувофиқлаштирувчиси ва ЕХҲТ қисқа муддатли кузатувчилар миссиясининг етакчиси. “Ўзбекистон раҳбарияти амалга ошираётган кенг кўлламли ислоҳотлар бу сайловларга амалий ва тўғридан-тўғри таъсир кўрсатди, лекин демократик тараққиёт жадал рақобатни ва асосий инсон ҳуқуқлари, эркинликларига ҳурматни тақозо этади. Бу жараённи қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрмиз”.
Сайловларга самарали тайёргарлик кўрилди, сайловчиларни сайловлардан хабардор қилиш бўйича мунтазам ахборот кампанияси олиб борилди. Сайлов куни тинч ўтди, лекин қатор қоидабузарликлар, шу жумладан бошқалар номидан овоз бериш ва овоз санашнинг асосий талабларига риоя этилмаганлиги бу жараёнга доғ туширди. Сайловчиларнинг марказлашган ягона рўйхати ишга туширилгани бир қадам олдинга силжиш бўлди, лекин у амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши керак. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирокини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари етарли бўлмади, қолиплашган ва ўта муфассал қонунчилик партияларнинг сайловчилар орасига кириб боришига салбий таъсир қилди. Сайловолди кампаниясининг ўзи ҳам умуман олганда чекланган бўлиб, ОАВдан ташқарида фаол баҳс-мунозара бўлаётганига далиллар камроқ кузатилди.
Сўнги йилларда парламентга ҳокимиятлараро мувозанатда катта ўзгаришлар ясаши мумкин бўлган қўшимча ваколатлар берилган. Лекин барча партиялар президент ва ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаши, муҳолиф партиялар мавжуд бўлмаганлиги натижасида сайловчилар ҳақиқий танловсиз қолган. Айни вақтда, аёллар жамият ҳаётида ва сиёсатда етарлича ўрин олмаган. Шунингдек, ҳозирга қадар амалга оширилаётган ислоҳотлар “тепадан пастга” характерида бўлиб, бунга қўшимча сифатида фуқаролар даражасидаги ташаббус учун ҳам имкониятлар яратилиши керак.
“Кеча парламентга сайланиш учун иштирок этган номзод аёллар сони мисли кўрилмаган даражада бўлди, бу Ўзбекистондаги бўлиб ўтаётган ўзгаришларга ишора бўлса керак”, - дейди ЕХҲТ ПА делегациясининг раҳбари Кари Ҳенриксен. “Бу сайловлар аввалгиларига қараганда анча очиқ ўтган бўлса ҳам, сайловчилар танлови учун тақдим этилган муқобил таклиф жуда чекланган эди. Ўзбекистон раҳбариятда мен кўрган ислоҳотларга содиқлик тез орада бутун жамиятни қамраб олишига умид қиламан”.
Сўнги даврда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларга ўз муаммоларини айтиш учун кўпроқ имкон яратди, давлат мутассадиларининг танқидга ёндашуви ўзгарди. ОАВда ҳам сўз эркинлиги даражаси ошди, баъзи одамлар ўз қарашларини блог ва ижтимоий тармоқларда билдиришга журъат этмоқда. Лекин айни дамда, интернетда ёки ҳаётда билдирилган очиқ норозилик жазоланишга олиб келиши мумкин, маъмурий ва жиноий ҳуқуқбузарликлар учун кўзда тутилган кўпгина ҳуқуқий нормалар эркин сўзни чеклаши мумкин.
“Мустақил фикрлайдиганлар сони ўсмоқда, одамларда эркинлик ҳисси пайдо бўлган, бу жуда қувонарли ҳолдир”, - дейди Тана де Зулуета, ДИИҲБ сайлов кузатувчилар миссиясининг раҳбари. ”Лекин бу эркинликнинг ўз чегаралари бор ва очиқ норозилик таъқиб ёки қамоқ билан тугаши мумкин. Суҳбатдошимиздан бири айтганидек: “биз эски механизм билан янги нарсаларни қилишга ҳаракат қилаяпмиз”. ДИИҲБ Ўзбекистон ҳукумати билан демократик институтларни такомиллаштириш ва мамлакатни тараққий эттириш ҳаракатларида ҳамкорлик қилишга доим тайёр”.
Ўзбекистондаги парламент сайловини кузатиш халқаро миссиясида 37 давлатдан 316 нафар кузатувчи иштирок этди, шу жумладан 271 нафар ДИИҲБ кузатувчилари ва ЕХҲТ ПА 45 нафар парламент аъзоси ва ходимлари.
Қўшимча маълумотлар учун:
- Анна ДиДоменико, ЕХҲТ ПА (+998 90 009 9166 ёки +45 601 08380) anna.didomenico@oscepa.dk
- Катя Андрузц, ДИИҲБ: +998 935 901 278 ёки +48 609 522 266, katya.andrusz@odihr.pl