ЕХҲТ томонидан йўл ҳужжатлари хавфсизлиги масалаларига оид семинар ўтказилмоқда
Марказий Осиё ва қўшни минтақалар мамлакатларини қамраб олган семинар давомида йўл ҳужжатларига нисбатан Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО) томонидан кўзда тутилган илғор амалий усул ва андозалар кўриб чиқилади. Шу билан бирга, семинарда йўловчилар шахсини аниқлашга оид самарали чора-тадбирлар, чегара хавфсизлигини таъминлаш бошқа ҳамроҳ чоралари ва ЕХҲТга аъзо давлатлар салоҳиятини кучайтиришга боғлиқ масалалар ёритилади.
“Яқинда рўй берган мисоллар яна бир шуни кўсатиб ўтдики, йўл ҳужжатлар муҳофазаси заифлиги ва шахсни аниқлаш тизимидаги нуқсонлар террорчи ва жиноятчилар томонидан чегараларни яширин кесиб ўтиш мақсадида фойдаланилмоқда – деб айтди ЕХҲТ Швейцария ваколатхонаси вакили, элчи Брюль. – Ушбу камчиликларни бартараф қилиниши террорчилик ва жиддий трансмиллий жиноятларни олдини олишга қаратилган ҳаракатларга салмоқли даражада ёрдам беради”.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Сабо қайд этди: “Бировлар номига паспорт олиш учун туғилганлик гувоҳномаларини қалбакилаштираётган фирибгарлар тартиб-қоидаларни суиистеъмол қилар экан, электрон паспортларни жорий этишнинг ўзи кифоя бўлмайди. Худди шу аснода, замонавий ва янада муҳофазаланган йўл ҳужжатларини чегараларда ўқиб текшириш имкони йўқ экан, бу соҳага инвестиция қилишдан фойда йўқ”.
Семинарнинг асосий мақсади йўл ҳужжатлари хавфсизлигини таъминлаш масаласига ҳар тарафлама, яъни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизими хавфсизлиги ва мустаҳкамлигини таъминлашдан бошлаб, то чегаралар хавфсизлиги муаммоларига комплекс ечимлар қабул қилишгача бўлган ёндашувни жорий этишга зарурат мавжудлигини тасдиқлашдан иборат.
Семинар Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО) томонидан ЕХҲТ билан ҳамкорликда ташкил қилиниб, Ўзбекистон ҳукумати мезбонлигида ўтказилмоқда. Мазкур семинар ЕХҲТнинг сохта ва қалбакилаштирилган ҳужжатлардан фойдаланаётган террорчи ва бошқа жиноятчилар чегаралараро силжишларини олдини олишга қаратилган ҳаракатларининг давомидир. ЕХҲТ аъзо давлатларга паспорт муҳофаза меъёрларини ошириш ва уларни жорий қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларини қабул қилишда кўмаклашади. Бундан ташқари, чегара кесиб ўтиш жойларида йўловчилар кутиш вақтини қисқартиришга қаратилган самарали ечимларни тадбиқ қилиш билан бир қаторда, чегара назорати ходимларида ҳужжатлар ҳақиқийлигига кўпрок ишонч ҳосил қилишни таъминлаш юзасидан ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.