ДИИҲБ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ўзининг 400-чи кузатиш миссиясини очмоқда
2021 йил 15-сентябрь, ТОШКЕНТ – Бугун ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатиш миссиясини очди. Бу ДИИҲБнинг 30 йил олдин тузилганидан бери 400-миссияси.
Миссияга Йохан Мерфи раҳбарлик қилмоқда ва миссиянинг таркибига Тошкентда жойлашган 11 мутахассисдан иборат асосий гуруҳ, ва 24 сентябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб юбориладиган 28та узоқ муддатли кузатувчилар киради. Бундан ташқари, ДИИҲБ ЕХҲТга аъзо давлатлардан сайловдан бир неча кун олдин келадиган 250 қисқа муддатли кузатувчиларни юборишни сўрашни режалаштирмоқда.
Миссия сайловнинг ЕХҲТ мажбуриятлари ва бошқа халқаро мажбуриятлар ва демократик сайловлар стандартларига, шунингдек миллий қонунчиликка мувофиқ ўтказилишини баҳолайди. Кузатувчилар сайловчиларнинг рўйхатга олиниши, сайловолди ташвиқоти фаолияти, сайлов комиссияси ва тегишли давлат органларининг фаолияти, сайловга оид қонунчилик ва унинг ижроси, сайлов билан боғлиқ низоларни ҳал этиш каби сайловнинг асосий жиҳатларини диққат билан кузатиб борадилар. Миссия, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида кампаниянинг ёритилишини кузатиб боради.
Давлат ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар кузатувнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Кузатув давомида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиб туриш учун оралиқ ҳисобот чоп этилади. Сайловдан кейинги куни, ДИИҲБнинг дастлабки хулосалари матбуот анжуманида тақдим этилади. Шунингдек ДИИҲБ сайлов жараёни тугаганидан тахминан икки ой ўтгач, кузатувни якунловчи ва уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар акс этган якуний ҳисоботни чоп этади.
ДИИҲБнинг Ўзбекистондаги сайловни кузатиш фаолияти ҳақида қўшимча маълумот олиш учун: https://www.osce.org/odihr/elections/uzbekistan саҳифасига ташриф буюринг
ОАВ учун масъул:
Егор Тилпунов, Медиа-таҳлилчи: egor.tilpunov@odihr.uz ёки +998 90 814 1328
ёки
Катя Андруш, ДИИҲБнинг матбуот котиби: +48 609 522 266 (Варшавадаги уяли телефон рақами), ёки katya.andrusz@odihr.pl.